Юз билан юзлашаётган жангчи бобо

Инсоният тарихида энг даҳшатли ва машъум бўлган иккинчи жаҳон уруши ҳақида китоблар, кинофильмлар кўплаб яратилган. Ўша мудҳиш жангларни  ўз кўзи билан кўрган ва унинг даҳшатларини бошидан кечирган Каттақишлоқлик  Асрор бобо Истамов суронли йиллар ҳақида ҳикоя қилиб берар экан, унинг юз-кўзида беҳуда жанг қилмагани, она юртини, халқини фашизм балосидан халос этишда иштирок этгани, ғалабада кўплар қатори унинг ҳам ҳиссаси борлигидан фахрланиш туйғуси акс этди.

—   1943 йилда қишлоғимиздан 6 киши иккинчи жаҳон урушига юбориладиган бўлдик. Негадир қолган шерикларимни ортга қайтариб юборишди, фақат мен Харьков учун жангга кирдим. У жуда даҳшатли бўлди. Одамлар худди тутдек тўкиларди. Бу кунларни биз кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин. Урушнинг фожеали манзараси ҳамон кўз ўнгимдан кетгани йўқ. Бир ёқда ярадорлар, бир ёқда ўликлар, олдимизда эса ҳаёт-мамот масаласи. Жанггоҳга киришдан олдин ҳар бир аскарга 100 граммдан ароқ бериларди. Мен эса уни ичмай, калима қайтариб, олдинга ташланардим...

—   Шу кетишда Харьковни қўлга киритдик. 1944 йилнинг охирида ўнг қўлимдан яраланиб, ҳарбий госпиталга жўнатилдим. Шундан сўнг мени уйга қайтаришса керак, деб ўйлагандим. Аммо соғайишим билан яна жанг майдонига юборишди. Кейинчалик оёғимдан икки марта ўқ едим. 

 Уруш давом этарди. Эльба бўйида Америка солдатлари билан биргаликда немисларга қарши шиддатли жангни давом эттирдик. Ажалим етмаган экан, Германияга қадар бордим. Берлинга кирдик. 1945 йили 8 майда уруш тугади...

Уйга қайтгач уйландим, фарзандли бўлдим. Яратган эгам менга 7 нафар ўғил фарзанд ато этди. Худога шукр, болаларим, невара-чевараларим ардоғида шундай тинч-осойишта замонда умргузаронлик қилаяпман.   

Улуғ айём арафасида Асрор бобонинг хонадонидан меҳмонларнинг қадами узилмаяпти. 95 баҳорни қаршилаётган қаҳрамонимиз айни дамда туман шифохонасида малакали шифокорлар назорати остида соғлигини тиклаётган бўлишига қарамай, уни фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан қутлаш, дуосини олиб, дилдан суҳбат қуришни ният қилган дўсту биродарлари, таниш-билишларининг кети кўринмайди. 

Куни кеча Президентимизнинг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонининг қабул қилинганлиги, унга кўра иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000 сўм миқдорида пул мукофоти белгиланганлиги ҳам уларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром намунасидир.

Дарҳақиқат, хотира азиз ва муқаддас. Ўтганларнинг руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Нигина РАҲМАТОВА.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди