Раис уч йилга сайланади

Фуқаролар йиғини раисининг навбатдаги сайлови 2019 йил май ойида ўтказилади. Шу муносабат билан фуқаролар йиғинлари амалдаги раисларнинг (оқсоқолларининг) ва улар маслаҳатчиларининг  ваколатлари муддати 2019 йил май ойига қадар узайтирилади.

Жорий йилнинг 15 октябрида «Фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Қонун Президентимиз томонидан имзоланди.

Шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқол) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатларини тартибга солиш мақсадларини кўзлаган сайловда бир қатор янги қоидалар жорий этилмоқда. Хусусан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби бекор қилинди.

 Сайловда фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрий ва эркинлиги белгилаб қўйилди. Шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи, 18 ёшга тўлган фуқаро фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолни) сайлаш ҳуқуқига эга.

Қонундаги муҳим ўзгаришлардан яна бири, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг уч йилга сайланиши бўлди. Илгари улар икки ярим йилга сайланар эди.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш учун фуқаролар йиғини чақирилади.

Сайловда фуқароларнинг вакиллари бўлиш учун ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў эътиборга эга бўлиши шартлиги қайд этилади. Эндиликда бу вакиллар сони сайловда ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиш лозим бўлади.

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг) йиғилиши кун тартибга қуйидаги масалалар киритилади.

Саноқ комиссиясини сайлаш;

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни сайлаш;

Яна бир янгилик шуки, энди фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Илгари эса очиқ ёки яширин овоз бериш орқали ўтказилар эди.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроқ овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган ҳисобланади.

М. ЙЎЛДОШЕВА,

сайловга кўмаклашувчи комиссия аъзоси.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди