Тадбир ўз самарасини берди: 7 та оила яраштирилди

    Жамиятимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни асрлар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган ҳаётий қонунлар амал қилиб келмоқда.

   Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда.

    Бугун Тойлоқ туман ҳокимлигида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни муросага келтириш мақсадида ўтказилган “Оилавий ажримларнинг кўпайиши – жамият таназзули, миллат фожеаси” номли яраштирув тадбирида юқоридаги фикрлар баён этилди. Маҳалла маслаҳатчилари ҳамда низоли ҳамда ажралиш арафасида турган ёш оилалар иштирок этган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари С. Турдиев, туман ҳокими Б. Бабоназаров ҳамда туман бош имом хатиби Б. Исмоиловлар оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, оила мустаҳкамлигида аҳиллик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат каби хислатларнинг ўрни муҳимлиги, ажримларнинг салбий оқибатлари, аросатда қолган бегуноҳ фарзандларнинг тақдири ҳақида ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунчалар берилди.  

   Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ўтган 2020 йилда Тойлоқ туманида 93 та оила ажралиш учун судга ариза берган. Бу кўрсатгич 2019 йилга нисбатан 49 тага камайган.  Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 47 та оила сақлаб қолинган.

  Тумандаги мавжуд 50 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи нотинч оилалар рўйхати шакллантирилган ва улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилди. Яъни эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир тараф билан алоҳида суҳбатлар олиб борилиб, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланган. Нотинч оилалар муросага келтирилиб, маҳалладаги намунали оилалар ва маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктирилган. Қолаверса, бу тоифадаги оила аъзолари “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси, ҳудудда истиқомат қилаётган намунали оилалар, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган зиёли, кайвони онахонлар ва отахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир қила оладиган фаоллар, психологлар иштирокида тарғибот тадбирлари ва машғулотларга жалб этилмоқда. Натижада жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида туман бўйича 325 та оилавий ажримларнинг олди олиниб, эр-хотинлар яраштирилди. Энг қувонарлиси, бунинг самараси ўлароқ, 589 нафар боланинг тирик етим бўлиб қолишига чек қўйилди.

   Тадбир давомида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 7 нафар эр-хотин яраштирилди. Уларнинг ҳаётлари қайта тикланганлиги, фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинганлиги сабабли миннатдорчилик рамзи сифатида ярашган эр ва хотинларга туман ҳокими ўзининг қимматбаҳо совғаларини топширди. Шунингдек, тадбирда оғир шароитдаги хотин-қизларга маиший техникалар совға қилинди.   

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди