Аҳоли ва тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилади

“Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ–6029-сон, 20.07.2020 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар:

- умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади;

- жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади;

- мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади;

- ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади.

 Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон Фармонида белгиланган алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.

 Умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади.

М.Давронов

Тойлоқ туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

2015-2018 © ХОКИМИЯТ ТАЙЛАКСКОГО РАЙОНО. Сайт разработан SAKTRM