14 январь - Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди

   

   Юртимизда ҳар йили 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни миллий байрам сифатида кенг нишонланади. Бу бежиз эмас, албатта. Сиз-у бизнинг бугунгидек, тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқда. Мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига  камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак ва уларнинг ҳақларига дуо қилсак арзийди.


 

    Бугун туман ҳокимлиги биноси олдида “Ватанпарварлик ойлиги”, қолаверса, Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимизнинг 29 йиллигига бағишланган ҳарбий ватанпарварлик фестивалига иштирок этиш учун минглаб кишилар тўпланди. Дастлаб,  югуриш марафонига старт берилди: Ёшлар ҳамда спортчилар туман ҳокимлиги биноси олдидан марказий ўйингоҳгача бўлган масофани босиб ўтишди. Шундан сўнг, кўча бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг тантанали марши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сержантлари, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, ички ишлар ходимлари, захирадаги ва фахрий ҳарбий хизматчилар, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари, чақириққача бўлган ёшлар, “Қалқон жасорат мактаби” нодавлат таълим муассасаси ҳамда умумтаълим мактаблари  ўқувчилари иштирок этишди. Шу ўринда бу маршда мактабгача таълим ташкилотларининг жажжи тарбияланувчиларининг фаол иштирокини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Улар келажакда мард, жасур, соғлом ва бақувват Ватан ҳимоячилари бўлиб улғайишлари шубҳасиз.

  Марафонни туман сектор раҳбарлари ҳамда туман ҳокими ўринбосарлари  бошчилигидаги корхона, ташкилот, муассасаларнинг раҳбар ва ходимлари, маҳалла ёшлари ҳамда туман аҳолиси давом эттирди. Минглаб кишилар ушбу юриш марафонида кўтаринки руҳда қатнашди.

     Тадбир туманнинг марказий ўйингоҳида давом  эттирилди.

    Ўйингоҳ бўйлаб саф тортган  баланд бўйли, соғлом ва бақувват ҳарбий хизматчиларга қараб дилида фахр туйғусини ҳис қилди киши. Улар томонидан намойиш этилган жанговор ҳаракатлар,  кўргазмали чиқишлар  томошабинларга ўзгача руҳ бахш этди. Худди шундай саҳна кўринишлари билан ҳаваскор ёшлар ҳам фаол қатнашди. Туманимиз санъаткорлари томонидан куйланган тароналар ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.

     -Ватан - бу уйимиз, ота-онамиз. Ватанни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийларнинг эмас, барчамизнинг муқаддас бурчимиз, -дейди 21-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Восе Набиев. – Туманимизда ўтказилаётган ҳарбий парад барчанинг қалбида фахр ва ғурур туйғуларини жўш урдирди. Мен ҳам бугунги тадбирда мард, жасур, кучли ҳарбий акаларни, ҳарбий техникаларни кўриб, келажакда Ватан ҳимоячиси бўлишни дилимга тугдим.               

         

    Тадбир давомида умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўзларининг  “Ҳарбий-ватанпарварлик юриш карвонлари” ва бешта муҳим ташаббус бўйича тайёрланган чиқишларини намойиш этдилар.  Шундан сўнг бўлажак ёш аскарлар замонавий ҳарбий техникалар ва қурол аслаҳалар кўргазмасини томоша қилишди.

     Туманимизда иккинчи марта ўтказилаётган мазкур тадбир  халқ ва армия бир-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини яна бир бор англаш, ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этиш имконини берди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © ХОКИМИЯТ ТАЙЛАКСКОГО РАЙОНО. Сайт разработан SAKTRM