Туман тарихи

Тойлоқ  туманининг ўтмиши ва бугуни

Тойлоқ тумани Зарафшон дарёси қирғоғи билан туташ бўлиб, унинг жанубида жойлашган. Воҳа шимолдан Зарафшон дарёси ва жанубдан Дарғом канали билан ўралганлиги учун “Кичик Мовароуннаҳр” номини ҳам олган. Ўрта асрларда туман Шовдор деб аталган.

Туман кейинги асрларда Юқори Дарғом, 20-асрнинг ўрталаригача Комсомол номлари билан юритилган. 1959 йилда Комсомол тумани Самарқанд туманига қўшиб юборилган.

Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг, аниқроғи 1992 йил 9 апрелда туман қайтадан ташкил этилиб, Тойлоқ номи билан юритиб келинмоқда. Туман шимолида Жомбой ва Булунғур, шарқ томонида ҳамда жанубида Ургут, ғарб тарафида эса Самарқанд туманлари жойлашган.

Тойлоқ ҳудуди жиҳатидан Самарқанд вилоятидаги энг кичик туманлардан бири бўлса-да (ер майдони 0.28 минг квадрат километр), аҳоли сони бўйича олдинги ўринлардан бирида туради. Айни пайтда туманда 28 миллатга мансуб 189 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Ўзбеклар билан бир қаторда тожик, рус, корейс, татар, турк ва бошқа миллатга мансуб аҳоли аҳил-иноқ, бир мақсад йўлида фаровон яшамоқдалар.

Тойлоқ туманида 50 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, 100 дан ортиқ қишлоқлар мавжуд.

Туманда 58 та умумтаълим мактаблари, 40 та мактабгача таълим муассасалари, 7 та касб –ҳунар коллежлари, 29-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаб, Болалар-ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатиб келмоқда.

Туманда бугунги кунда 1 та туман марказий шифохонаси, 2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 6 та қишлоқ врачлик пунктлари, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника туман аҳолиси учун тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тойлоқ заминида улуғ муҳаддис Абдураҳмон ад-Дорамий, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаб ўтганлар.

2015-2018 © TAYLOQ TUMAN HOKIMLIGI. Sayt SAKTRM tomonidan ishlab chiqildi