Ўзбошимчалик билан қурилган молхона бузилди

     Яқинда вилоят “Зарафшон” газетасининг “Zarnews.uz” телеграм каналида “Тойлоқ тумани ҳокимлиги, қурилиш бўлими ҳамда йўллардан фойдаланиш корхонаси мутасаддилари эътиборига” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Тойлоқ туманининг  Зарафшон маҳалласи, Мирзаполвон қишлоғи кўчасида фуқаро ноқонуний равишда молхона қуриб олгани, ўзбошимчалик билан қурилган ушбу иншоот кўча йўлидан ҳаракатланишда ноқулайликлар туғдираётгани, бу ҳолат аҳоли, айниқса, мактабга қатновчи ўқувчилар учун пиёдалар йўлаги барпо этиш ишларига ҳам тўсқинлик қилаётгани танқид остига олинган эди.

   Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилот мутасаддилари ўрганиш ишларини олиб боришганда, чиндан ҳам Мирзаполвон қишлоғида яшовчи фуқаро Қ. Ҳожиқулов аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид ҳолда ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда умумий фойдаланишдаги маҳаллий йўл ҳудудидан ўлчам 45 м. кв. молхона биносини қуриб олгани аниқланган. Мазкур бинони ўз ихтиёри билан бузиш учун фуқаро Қ. Ҳожиқуловга 15 кун муддат берилган ва белгиланган муддатда бино бузилмаса тегишли тартибда чора кўриш мақсадида ФИБ Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритилиши бўйича огоҳлантириш берилган.

   Фуқаро Қ. Ҳожиқулов хўжалигидаги қорамолларни сақлаш учун бошқа жойи йўқлигини, кунлар исиши билан ўзбошимчалик билан қурилган молхона биносини ўз ихтиёри билан бузишини оғзаки маълум қилган эди.

   Айни пайтда фуқаро Қ. Ҳожиқулов мазкур бинони ўз ҳисобидан бузиш ишларини амалга оширмоқда.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © TAYLOQ TUMAN HOKIMLIGI. Sayt SAKTRM tomonidan ishlab chiqildi